Тоқаев футбол клубларини хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштиришга чақирди
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда футбол соҳасини янада ривожлантириш учун клубларни хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбарининг фикрича, бу йўл билан мамлакатда футболнинг профессионал даражаси ошади ва соҳа иқтисодий жиҳатдан барқарорликка эришади.
«Футбол клубларини хусусийлаштириш ишларини тезлаштириш керак. Бугунги кунда 4 та қозоғистонлик клуб аллақачон таниқли тадбиркорлар қўлида бошқарилмоқда. Бу иш учун уларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Аммо бу етарли эмас, футболни тижорат йўналишига олиб кириш ва бизнес тарзида бошқариш зарур. Дунё амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, бундан ташқари йўл йўқ», – деди Тоқаев ўз чиқишида.
Президент таъкидлашича, профессионал спортни нафақат мусобақалардаги натижалар, балки тўлиқ бизнес саноати сифатида ҳам қабул қилиш керак. Бу тармоқ, агар тўғри бошқарилса, катта даромад келтириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида ҳам Қасим-Жомарт Тоқаев тадбиркорларни клуб футболига инвестиция сифатида қарашга чорлаган эди. «Клублар фақат вилоят бюджетларига суянмаслиги шарт. Дунёдаги каби ўзлари маблағ топиш ва ўзини-ўзи таъминлашни ўрганишлари зарур. Агар клублар хусусий тузилмага айланса, улар хориждан иқтидорли футболчиларни жалб қилиш имкониятига эга бўлади», – деганди у.
Маълумотларга кўра, шу йилнинг март ойида Қозоғистонда 461 та субъект рақобатбардош бозор муҳитига ўтказиш учун танлаб олинган. Ушбу рўйхатдаги етти ташкилот футбол клублари ҳисобланади.
Мутасаддиларнинг айтишича, хусусийлаштириш жараёни туфайли клублар молиявий жиҳатдан мустақилликка эришиши, янги сармоялар жалб қилиниши ва футбол инфратузилмаси сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда.
Шу тариқа, Қозоғистон раҳбарияти спортни иқтисодий тараққиётнинг муҳим йўналиши сифатида кўриб, унинг келажагини хусусий сектор билан боғлашга катта аҳамият қаратаётгани кўриниб турибди.