Япония Россиядаги барча марказларини ёпишга қарор қилди
Япония ҳукумати Россия ҳудудида фаолият юритиб келган “Япония маркази” номли нотижорат ташкилотининг барча олти филиалини ёпиш ҳақида қарор қабул қилди.
Бу ҳақда вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёсимаса Хаяси журналистларга маълумот берди. Унинг айтишича, мазкур қарор Токио ва Москва ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги аҳволи ҳамда “Россиядаги вазият” билан боғлиқ.
“Марказлар ишини тўхтатиш ҳақида расмий қарор қабул қилинди”, — дея таъкидлади Хаяси.
TBS телеканали тарқатган маълумотга кўра, Япония ҳукумати бу қарор ҳақида Россия томонини олдиндан огоҳлантирган. Шу билан бирга, марказларда ишловчи ходимларнинг хавфсизлигини таъминлашда ёрдам бериш сўралган.