Тошкентда аёлга шаҳвоний шилқимлик қилган йигит 5 суткага қамалди
Кеча, 9 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида аёлга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган йигитнинг маъмурий иши кўриб чиқилди, деб Nemolchi.uz хабар берди..
Маълумотларга кўра, 8 сентябрь куни бир аёл кўп қаватли уйдаги хонасига қайтаётган вақтда орқасидан 19 ёшли Б.Т. исмли йигит подъездга кириб олган. У аёлдан телефон рақамини сўраган, аёл рад жавобини берганида эса унга тегажоғлик қилган.
Аёлнинг бақириқ овозидан сўнг у қўрқиб, жойдан қочган. Тез орада у ушланган ва судда ўз қилмишини тан олган. Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси асосида 5 суткага қамоқ жазоси билан жазолади.
Қайд этилишича, Б.Т. аввал ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ва тегишли рўйхатда турган. Мутахассислар бундай ҳолатлар фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигини эслатиб, ҳушёрликка чақирмоқда.