Сергелида она 7 ёшли қизини пичоқлаб ўлдирди
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида аёл ўзининг 7 ёшли қизини пичоқлаб ўлдиргани юзасидан тарқалган хабарлар тасдиқланди, деб Бош прокуратура маълум қилди. Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ мухбири Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.
Маълум бўлишича, 1991 йилда туғилган Сергели туманида яшовчи фуқаро З.Т. 8 сентябрь куни ўзини шубҳали тутиб, ошхонада турган пичоқ билан 2018 йилда туғилган қизи З.А.га бир неча марта тан жароҳати етказган. Қизалоқ олган оғир жароҳатлардан воқеа жойида вафот этган.
Ушбу ҳолат юзасидан Сергели туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми асосида иш қўзғатилди. Она Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига мувофиқ ушланган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эътиборлиси, бу аёл аввал ҳам оғир жиноятга уриниш билан боғлиқ воқеага алоқадор бўлган. 2022 йилнинг 28 январь куни у ўз қизини Тошкент ҳайвонот боғидаги айиқ қафасига ташлаб юборган. Баxtга яраша, айиқ қизалоққа зарар етказмаган. Бу воқеадан сўнг аёлга нисбатан 25, 97-модда асосида жиноят иши қўзғатилган.
Прокуратура маълумотича, аёл 2021 йилдан буён руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда турган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси эса у олий таълим муассасасида ишлаб келгани ва турмуш ўртоғи билан ажраётганини қайд этган.