Тўрабек Хабибуллаев рингда қозоқ рақибини йирик ҳисобда ортда қолдирди
Англиянинг Ливерпул шаҳрида бўлиб ўтаётган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Тўрабек Хабибуллаев навбатдаги баҳсини юқори савияда ўтказди. -90 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган чарм қўлқоп устамиз қозоғистонлик Сағиндик Тоғамбайга қарши беллашди.
Жанг бошиданоқ Хабибуллаев ташаббусни қўлга олиб, рақибини қийин аҳволда қолдирди. Уч раунд давомида у барча техник ва тактик устунлигини кўрсата олди. Рақиб қанча ҳаракат қилмасин, Тўрабекнинг тезкорлик ва куч билан олиб борган зарбалари унинг имкониятларини чеклаб қўйди.
Беллашув сўнггига қадар шиддат билан кечди. Аммо барча раундларда ҳукмронлик қилган Хабибуллаевнинг устунлиги ҳакамлар қарорида ҳам акс этди. Улар якдиллик билан 5:0 ҳисобини қайд этишди ва шу тариқа ҳамюртимиз навбатдаги босқичга йўл олди.
Мазкур ғалаба орқали Хабибуллаев нафақат ўзининг юксак маҳорат ва тайёргарлигини намойиш этди, балки миллий терма жамоамиз ғурурини янада юксалтирди. Энди ундан кейинги босқичларда ҳам юқори натижалар кутилмоқда.
Шу билан бирга, ҳамюртимиздан кейин рингга яна бир боксчимиз – Феруза Казакова чиқиши кутиляпти. У Мўғилистон вакили Мунгунсаран Балсанга қарши баҳс олиб боради. Ушбу тўқнашув ҳам мухлислар томонидан катта қизиқиш билан кутилмоқда.