Олтиной Сотимбоева Нупурга қарши жангда очколарда мағлуб бўлди
Англиянинг Ливерпуль шаҳрида қизғин тарзда ўтаётган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Олтиной Сотимбоева рингга кўтарилди. Бу сафар у +80 кг вазн тоифасида Ҳиндистон вакили Нупурга қарши майдонга чиқди.
Беллашув уч раунд давомида кескин ва муросасиз тарзда кечди. Ҳар икки спортчи ҳам охиригача кучини аямасдан, ўз маҳоратларини кўрсатишга ҳаракат қилди. Олтиной Сотимбоева ҳам бир неча марта самарали зарбалар бериб, рақибини қийин вазиятга солди. Бироқ ҳиндистонлик спортчи жангни ўз манфаатига буриб олишга муваффақ бўлди.
Ҳакамлар якдил қарорига кўра, Нупур очколар ҳисобида ғолиб деб топилди. Шу тариқа, вакиламиз мусобақадаги юришини тўхтатди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ливерпулдаги жаҳон чемпионатида миллий жамоамиз таркибидан бир қатор йигит-қизларимиз ҳали ҳам иштирокини давом эттирмоқда. Улардан баъзилари чорак финалга йўлланмаларни қўлга киритиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Мухлислар эса кейинги рингга чиқадиган ҳамюртимизга омад тилашмоқда. Олтинойнинг мағлубиятига қарамасдан, унинг курашчанлиги ва матонати кўпчилик томонидан катта олқишга сазовор бўлди.