Ўзгидромет ҳафта бошида ёмғирли ва совуқ кунлар бўлишини айтди
Ўзгидромет 15–18 сентябрь кунлари учун ҳаво шароитлари юзасидан батафсил маълумот тақдим этди. Таҳлилларга кўра, мамлакатнинг турли ҳудудларида ёмғирли кунлар, шамолнинг кучайиши ҳамда ҳароратнинг пасайиши кузатилиши мумкин.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда ҳаво ўзгарувчан бўлади. 15 сентябрда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, кейинги кунларда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан соатига 7–12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда эса 13–18 м/с гача кучайиши ҳам мумкин. Ҳарорат кечаси 8–13 даража, кундузи 20–28 даража атрофида бўлади.
Бухоро ва Навоий вилоятида 15 сентябрда қисқа ёмғир кузатилиши эҳтимол қилинган. Кейинги кунларда осмон очиқ бўлади. Шамол ғарбдан 7–12 м/с тезликда эсиши кутилмоқда, баъзи нуқталарда 18 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10–17 даража, кундузи эса 23–28 даражагача кўтарилади.
Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳаво ўзгарувчан бўлиб, 15 сентябрда баъзи жойларда ёмғир ёғади. 16 сентябрда ҳам қисқа ёмғир эҳтимоли бор, аммо Самарқандда қуруқ об-ҳаво сақланиб қолади. Кейинги кунларда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 7–12 м/с тезликда, айрим жойларда 18 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кундузи 20–28 даража, кечаси эса 10–20 даража орасида бўлади.
Қашқадарё ва Сурхондарёда ҳаво нисбатан барқарор — ёмғирсиз ва қуёшли кунлар бўлиши кутилмоқда. Шамол ўртача тезликда, баъзи жойларда кучайиши мумкин. Ҳарорат кундузи 25–30 даражагача кўтарилиб, кечаси 10–17 даража бўлади.
Фарғона водийсида (Андижон, Наманган ва Фарғона) 15 сентябрда асосан қуруқ об-ҳаво бўлади, аммо Наманганда қисқа ёмғир эҳтимоли бор. 16–18 сентябрда айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10–20 даража, кундузи эса 20–28 даража оралиғида бўлади.
Тоғдош ва тоғли ҳудудларда эса ёмғирли кунлар кузатилиши мумкин. Шамол соатига 7–12 м/с, айрим ҳолларда эса 18 м/с гача кучайиши тахмин қилинмоқда. Ҳарорат кундузи 10–23 даража, кечаси эса 5–15 даражагача пасайиши мумкин.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, сентябрь ўртасида кузнинг хос аломатлари — ёмғир, шамол ва ҳароратнинг пасайиши янада яққол сезилади. Шу сабабли, аҳолига ҳавога мос равишда кийиниш, йўлларда эҳтиёткорлик чораларини кучайтириш ва шамолли кунларда хавфсизликка эътибор қаратиш тавсия этилди.