Японияда юз ёшдан ошганлар сони янги рекорд ўрнатди
Япония узоқ умр кўрувчи инсонлари билан яна бир бор дунё эътиборига тушди. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатда юз ёшга кирганлар сони 99 минг 763 нафарга етди ва тарихий рекорд қайд этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб, NHK телеканали хабар тарқатди.
Маълумотларда таъкидланишича, 2024 йилга нисбатан қариялар сони 4 644 кишига кўпайган. Демак, мамлакатда сўнгги 55 йилдан бери узлуксиз ўсиш кузатилмоқда.
Энг қизиғи, узоқ умр кўрувчилар орасида аёллар катта устунликка эга — уларнинг сони 87 минг 784 нафарни ташкил этади. Бу эса умумий миқдорнинг қарийб 88 фоизини ташкил қилади.
Рўйхатда энг кекса инсон сифатида 114 ёшли Шигеко Кагава қайд этилган. У Нара префектурасининг Яматокорияма шаҳрида истиқомат қилади. Энг кекса эркак эса — 111 ёшли Мизуно Киёси бўлиб, у Сидзуока префектурасида яшайди.
Статистикага кўра, юз ёшдан ошганлар энг кўп яшайдиган ҳудудлар қаторида Симане, Кочи ва Тоттори префектуралари биринчи ўринда туради.
Япония аҳолисининг узоқ умр кўриш сирларига қизиқиш йил сайин ортаяпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, япон аёлларининг ўртача умр давомийлиги 87,13 йилни ташкил этади ва бу кўрсаткич орқали улар 40-марта жаҳон рекордини янгилашган. Эркакларда эса бу рақам 81,09 йилни ташкил қилиб, 2023 йилдан бери ўзгаришсиз қолмоқда.
Мутахассислар бу ҳолатни соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва самарали тиббий хизмат билан боғлашмоқда. Демак, Япония нафақат технологиялар, балки узоқ умр кўрувчилар юрти сифатида ҳам бутун дунёда танилиб бормоқда.