Манчестер дербиси: Гвардиола қайси таркибни танлайди?
Икки ҳафта давом этган халқаро танаффус ортидан «Манчестер Сити» жамоасида жароҳатланган футболчилар сони 13 нафарга етди. Шу боис, барча мухлисларни Хосеп Гвардиоланинг Манчестер дербисида қайси таркибга таянади деган савол қизиқтирмоқда.
Нуфузли cityxtra.co.uk сайти «шаҳарликлар»нинг бош мураббийи қарорларига оид таҳлилий мақоласини эълон қилди. Манбанинг ёзишича, «Юнайтед»га қарши баҳс мавсум тақдири учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки дербидан кейин «Сити» Чемпионлар лигасида «Наполи»га қарши майдонга тушади ва орқасидан Лондонда «Арсенал» билан куч синашади. Тиғиз тақвим «Хаддерсфильд»га қарши кубок баҳси билан якунланади.
Жароҳатлар ва мураббий ташвишлари
Гвардиола айрим етакчи ижрочилар ҳолатидан ҳамон хавотирда. Жон Стоунз ва Умар Мармуш ҳануз шифохона рўйхатидан чиқарилмаган. Бу эса мураббийни янада мураккаб қарорлар қабул қилишга мажбур этмоқда.
Дарвозада танлов
Жанлуижи Доннарумманинг келиши рақобатни кучайтирди. Бироқ барқарорликдан келиб чиқиб, асосий дарвозабон сифатида яна Жеймс Траффордга ишонч билдирилиши тахмин қилинмоқда.
Ҳимоя чизиғи
Ўнг қанот ҳимояси ҳали ҳам заиф нуқта сифатида қолмоқда. Бу гал бошланғич таркибда Матеуш Нуньеш майдонга тушиши кутилаяпти. Марказда Абдуқодир Ҳусанов ва Рубен Диаш жуфтлиги харакат қилади. Ўзбек легионери «Брайтон»га қарши олган жароҳатидан тўлиқ қутулди.
Чап қанотни Йошко Гвардиол ёпиши мумкин. У саломатлигини тиклаб, шикастланган Райан Айт-Нури ўрнига тушиши кутилаяпти.
Ярим ҳимоя маркази
Бу ерда Родрининг ўйнаши кафолатланган. Ундан юқорироқда Тижани Рейндерс ва Бернарду Силва жуфтлиги ҳаракат қилиб, марказдаги назоратни қўлга олиши зарур.
Ҳужум чизиғи
Ўнг қанотда Оскар Боббга ишонч билдирилиши мумкин. Марказда Эрлинг Холанднинг ўрни шубҳасиз, у Молдова дарвозасига бешта тўп киритиб, юқори формасини кўрсатганди. Чап қанотда эса кўпчилик Жереми Докуни кутмоқда. У Бельгия сафидаги ўйинларда яхши спорт ҳолатини намойиш этди.
Тахминий асосий таркиб
Дарвозабон: Жеймс Траффорд;
Ҳимоячилар: Матеуш Нуньеш, Абдуқодир Ҳусанов, Рубен Диаш, Йошко Гвардиол;
Ярим ҳимоячилар: Родри, Тижани Рейндерс, Бернарду Силва;
Ҳужумчилар: Оскар Бобб, Эрлинг Холанд, Жереми Доку.
Захирада: Жанлуижи Доннарумма, Рико Льюис, Жон Стоунз, Натан Аке, Нико Гонсалес, Нико О’Райли, Матео Ковачич, Савио, Фил Фоден.
Мана шундай шароитда дербидаги таркиб ҳам мухлислар, ҳам экспертлар учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу баҳс фақат МЮ билан рақобат эмас, балки «Сити»нинг бутун мавсумдаги мақсадлари учун ҳам синов бўлади.