Олмаота вилоятидаги портлашда уч ўзбекистонлик ишчи ҳаётдан кўз юмди
Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида жуда даҳшатли ва аламли ҳодиса қайд этилди. KTK телеканали тарқатган маълумотга кўра, Бойсерке қишлоғида жойлашган металл қабул қилиш пунктида кучли портлаш юз берди. Афсуски, воқеа оқибатида уч нафар ишчи ҳалок бўлди. Улар барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлгани хабар қилинди.
Пункт эгаси Амирбек Шербаевнинг айтишича, фожиа ижарага берилган хонада содир бўлган. Унинг сўзларига кўра, кимлиги номаълум шахслар томонидан олиб келинган темирлар орасида хавфли мосламалар ҳам бўлган.
«Орқа томонда металл қуйиш цехи бор. Балки танкка қарши миналар ёки шу каби жароҳат етказувчи қурилмалар аралашиб кетгандир. Металлом арзон нархда олинган, уларнинг ўзлари ҳам қайси буюмларни олиб келаётганини билмаган. Менимча, Мудофаа вазирлигига тегишли темирлар ҳам аралашиб қолган ва улар орасида ишлатилмаган миналар бўлган», – деди у.
Ҳозирда ҳодиса жойида криминалистлар ва Мудофаа вазирлиги мутахассислари иш олиб боришмоқда. Ҳудуд бутунлай ёпилган, ҳеч ким киритилмаяпти. Ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланган, аммо расмий маълумотларда уларнинг исми очиқланмади.
Олмаота вилояти ИИБ расмий вакили Ернар Сайдилдиннинг таъкидлашича, мазкур ҳодиса бўйича жиноят иши очилган:
«Или туманидаги металл қабул қилиш пунктларидан бирида содир бўлган фожиали портлаш юзасидан полиция жиноят ишини қўзғатди. Номаълум буюм портлаши оқибатида уч киши ҳалок бўлди ва уларнинг жасади ҳодиса жойида топилди», – деди у.
Ҳозирда барча ҳолатлар ва сабаблар ўрганилмоқда. Бу даҳшатли воқеа нафақат Қозоғистонда, балки юртимизда ҳам қаттиқ қайғу ва изтироб уйғотди.