Элдор Шомуродовнинг Туркиядаги дебют голи ҳақида устози нима деди?
Ўзбекистон миллий жамоаси етакчиси ва тўпурари Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасида ҳам ўз ҳисобини очиб, юртдошларни қувончга шерик қилди.
30 ёшли ҳужумчи “Рома” клубидан бир мавсумга ижара асосида “Истанбул Башакшеҳир” сафига қўшилган эди. У шу кунга қадар мунтазам майдонга тушиб келди, ҳатто УЕФА Конференциялар лигасида олти марта тўп тепиб, бир голли узатма амалга оширганди. Бироқ янги жамоаси учун биринчи голини киритиш учун унга тўққизта баҳс зарур бўлди.
Турк чемпионатининг бешинчи тури доирасида “Башакшеҳир” кучли рақиб – “Бешиктош” майдонида меҳмон бўлди. Ушбу беллашув орқали Элдор тарихий голини киритди. 71-дақиқада у рақиб дарвозасини ишғол этиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққанди. Аммо баҳс охирига қадар мезбонлар вазиятни тубдан ўзгартириб, икки бор тўп киритиб, 2:1 ҳисобида ғалабани қўлга киритишди.
Қайд этиш керакки, “Башакшеҳир” раҳбарияти шу кунларда жамоани мавсумга тайёрлаган Чағдаш Атан билан хайрлашган ва унинг ўрнига немис футболида ном қозонган Нури Шаҳинни бош мураббий этиб тайинлаганини маълум қилган эди. Шу пайтда клубни вақтинча режалаштириш ва стратегия бўлими директори Марко Пеццайуоли бошқариб турди.
Беллашувдан кейин Пеццайуоли қуйидагича изоҳ берди:
— Биз фақат икки марта машғулот ўтказишга улгурдик, кўплаб футболчилар терма жамоалардан жароҳат билан қайтди. Шу боис тўлиқ таркибда тайёргарлик кўра олмадик. Лекин ўйинчиларнинг жанговар рруҳини сақлаб қолишга уриндик. Биринчи бўлимда яхши ҳаракат қилдик, лекин голли имкониятларни тўлиқ ишлата олмадик. Иккинчи таймда эса стандарт вазиятлар орқали самара изладик. Ўйин амалиёти етишмаслиги мағлубиятга олиб келди.
Элдор Шомуродов биринчи голини урди ва мен бундан жуда хурсандман. Бу голдан кейин Шомуродовнинг ўзига бўлган ишончи ошади. Энди янги бош мураббий Нури Шахин қўл остида “Истанбул Башакшеҳир” янада ижобий ўйнаб, яхши натижаларни қўлга киритади, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, “Истанбул Башакшеҳир” Туркия чемпионатидаги навбатдаги баҳсини 21 сентябрь куни ўз майдонида “Антальяспор”га қарши ўтказади.