Ўзбекистон миллий терма жамоасида янги ҳомий пайдо бўлди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати маълумот беришича, мамлакатимизда фаолият юритаётган “Uzum” миллий рақамли экотизими ЎФА билан ҳамкорлик доирасида жаҳон чемпионатига тайёрланаётган миллий терма жамоани ва умуман футболнинг ривожини қўллаб-қувватлаш ташаббуси билан чиқди.
Маълум қилинишича, “Uzum”нинг бевосита кўмаги орқали ассоциация спорт инфратузилмасини янада мустаҳкамлайди, ёшлар учун турли дастурлар ҳажмини кенгайтиради, энг муҳими, миллий терма жамоага 2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида янги имкониятлар яратилади. Шундан ташқари, миллий жамоа футболчилари ЎФА ва рақамли экотизим ҳамкорлигидаги қўшма лойиҳаларда қатнашиб, ўз шахсий намунаси орқали ёш авлодни руҳлантиради.
Ҳозирги кунда ЎФА таркибида 14 та ҳудудий ассоциация фаолият кўрсатмоқда, шунингдек, 12 мингдан зиёд болалар ва ўсмирлар турли жамоаларда мунтазам машғулот олиб боришмоқда. Миллий терма жамоа эса Осиё кубоги, жаҳон чемпионати ва Олимпиада саралаш босқичларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов бу ҳамкорликни мамлакатимизда футбол тараққиётида янги босқич сифатида баҳолади:
— “Uzum” билан қўшма лойиҳалар футболнинг келажагига муҳим инвестициядир. Яқин йилларда миллий терма жамоалар, болалар ва аёллар футболи йўналишида ҳам қатор саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ниятимиз бор”, – деди у.
“Uzum” асосчиси ва бош директори Жасур Жумаев ҳам бу ҳамкорликнинг аҳамиятига урғу берди:
— “Биз учун нафақат спортга кўмак бериш, балки иқтидорли ёшлар ўсиши, мавжуд чемпионлар эса янги ғалабалар учун зарур ресурсларга эга бўлиши жуда муҳим. Футбол инсонларни бирлаштиради, уларнинг кучига ишонч уйғотади. ЎФА билан ҳамкорликда ўзбек спорти келажагига ҳисса қўшишимиздан фахрланамиз”, – деди у.
“Uzum Bank” кузатув кенгаши раиси Расулжон Ғуломов эса қўшимча қилди:
— “Футболни қўллаб-қувватлаш – бу келажакка йўналтирилган сармоя. Спорт инфратузилмасини ривожлантириш, футболчилар ва мухлислар учун янги имкониятлар яратиш орқали биз футболнинг миллионлаб ўзбекистонликларнинг кундалик ҳаётига айланишини хоҳлаймиз. Ишончим комил, ассоциация билан ҳамкорликда янги ғалабалар ва ёрқин спорт тарихига замин яратамиз”.
Шу тариқа, янги ҳамкорлик нафақат миллий терма жамоага, балки бутун мамлакатда футболнинг ҳар томонлама ривожланишига катта туртки бериши кутиляпти.