Ҳусанов “Сити” мухлислари кўзида: йўлбарсдек жасур ва девордек мустаҳкам
Янги мавсум бошланиши биланёқ 21 ёшли ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» жамоасининг энг ишончли футболчиларидан бири сифатида катта эътиборни қозонмоқда. Аслида марказий ҳимоячи сифатида фаолият олиб борувчи легионеримиз жамоанинг энг муаммоли нуқталаридан бири — ўнг қанот ҳимоясида ҳам ўзини ишончли намойиш этиб, жамоа мураббийлари ва мухлисларининг ишончига сазовор бўлди.
Айнан шу сабабдан «Манчестер Сити» мухлислари ижтимоий тармоқларда Ҳусанов ҳақида ўз таассуротларини ёзиб қолдиришмоқда.
Бир мухлис унга «шаҳримиз Жеки Чани» деб таъриф берса, бошқаси «Ҳусанов – Девор» деб атади. Яна бири эса «Ҳусанов – мағлубиятни ҳеч қачон тан олмайдиган Йўлбарс», деб ёзган. Твиттер ва Фейсбукдаги изоҳлар орасида «Антилопа», «Монстр», «Афсунгар», «Маэстро», «AK45 автомати», «Гений» каби иборалар ҳам учради.
Фанатлар унинг кучли жисмоний тайёргарлигини, тезкорлиги ва ҳимоядаги мустаҳкамлигини алоҳида таъкидлаб ўтган. «Ҳаракатланадиган девор», «Буюк ўзбек девори», «Ҳусанов ўт-олов, энергияга тўлалиги ёқади», «Мустаҳкам тўсиқ» каби таърифлар унинг ўйинига берилган энг юқори баҳо эканини кўрсатиб турибди.
Шу билан бирга, мухлислар Ҳусановнинг жасорати ва ўйиндаги ҳурмат қозонган ёндашувини ҳам қадрламоқда. Кўпчилик уни «янги Жеки Чан» деб аташ орқали нафақат ҳимояда, балки характер жиҳатидан ҳам у ёқимтой ва жасур футболчи эканини таъкидламоқда.
Бир сўз билан айтганда, Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»даги фаолияти нафақат мураббийлар, балки миллионлаб мухлислар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Унинг ҳар бир ҳаракати, майдондаги барқарор ўйини ва жонкуярлиги мухлислар қалбидан катта ўрин эгаллаб улгурди.