2027 йилги U-20 Жаҳон чемпионати Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтади
ФИФА Кенгашининг навбатдаги йиғилишида 2027 йилда бўлиб ўтадиган 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг мезбонлари аниқланди. Унга кўра, Ўзбекистон ва Озарбайжон биргаликда ёшлар ўртасидаги Мундиалнинг мезбонлари сифатида тан олинди.
Бу мусобақа ФИФА томонидан ўтказиладиган миллий терма жамоалар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидан кейинги иккинчи нуфузли мусобақа ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро футбол соҳасида катта тажрибага эга бўлиб, кўплаб йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилди. 2024 йилда мамлакатимизда ўтказилган ФИФА Футзал Жаҳон чемпионати юқори савияда ташкил этилгани халқаро футбол ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилди.
2027 йилда дунёнинг энг иқтидорли ёш футболчилари Ўзбекистон ва Озарбайжонга тўпланишади. Юртимиз ҳар доимгидек ўзининг меҳмондўстлиги ва профессионал ёндашуви билан бутун дунё эътиборини қозонишга тайёр.