Ҳукуматнинг камбағал оилаларга молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича янги қарори
Ҳукумат қарори билан «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Бу низом «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида АТ «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» АТБ томонидан камбағал оилаларга қуйидагиларни сотиб олиш учун кредитлар ажратиш тартибини белгилайди:
-
Ноутбук;
-
Тадбиркорликни бошлаш учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари;
-
Кўчма дўкон, мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситалар.
Дастур доирасида кредит аризалари қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки, зарур ҳолларда, «маҳалла еттилиги» кўмаги орқали платформа орқали тақдим этилади. Аризалар скоринг баҳолаш натижаларига кўра 1 иш кунида кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Бириктирилган раҳбар аризани 5 иш кунида жойига чиққан ҳолда ўрганади. Ўрганиш натижаси бўйича фотоҳисобот ва кредит ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани платформага жойлаштиради.
Қарз олувчиларга кредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги фоиз ставкасида устама ҳақ тўлаш шарти билан қуйидагича ажратилади:
-
15 млн сўмгача бўлган 1 та ноутбук сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга 2 йил имтиёзли давр билан;
-
Тадбиркорликни бошлаш учун қиймати 30 млн сўмгача бўлган асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга бўлиб тўлаш шартлари билан.
Шунингдек, ушбу қарор мамлакатдаги камбағал оилалар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳаёт даражасини оширишга қаратилган муҳим қадамлардан биридир.