Жаҳон чемпионати U-20. Марокаш ва Аргентина финалда тўқнашади
Чилида ўтаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида финалга чиққан жамоалар номи маълум бўлди. Яримфиналда кутилмаган натижалар қайд этилди — Марокаш Францияни пеналтилар сериясида мағлуб этди, Аргентина эса Лотин Америкаси дербисида Колумбия устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонди.
Марокаш ва Франция ўртасидаги беллашув жуда шиддатли ўтди. Асосий вақтда ҳисоб 1:1 билан якунланди — африкаликлар ҳисобига француз футболчиси Олмета автогол урди, французлар сафидан эса Мишел ҳисобни тенглаштирди. Пеналтилар сериясида Марокаш футболчилари хато қилмади ва 5:4 ҳисобида ғалаба қозониб финалга йўл олди.
ЖЧ U-20. Яримфинал
Марокаш — Франция 1:1
Пеналтилар серияси — 5:4.
Голлар: Олмета (32, автогол) — Мишел (59).
Шу билан бирга, Аргентина ва Колумбия баҳсида ҳам рақобат кескин бўлди. Уйин тақдири Силветти урган ягона гол билан ҳал бўлди — натижа 1:0. Бу ғалаба Аргентинани финалга олиб чиқди ва жамоа навбатдаги кубок учун имкониятга эга бўлди.
ЖЧ U-20. Яримфинал
Аргентина — Колумбия 1:0
Гол: Силветти (72).
Шу тариқа, 20 октябр куни жаҳон футболи ёш авлодининг энг кутилган баҳси — Марокаш ва Аргентина ўртасидаги финал ўйини бўлиб ўтади.
Йўлда қолган Франция ва Колумбия жамоалари эса бронза медаллари учун кураш олиб боришади. Бу мусобақа ёшлар футболида янги тарих яратган чемпионат сифатида ёдда қолиши аниқ.