Пикассонинг машҳур асари Испанияда сирли равишда йўқолди
Испанияда Пабло Пикассонинг “Гитарали натюрморт” номли ноёб асари ғойиб бўлди.
Маълумотларга кўра, 1921 йилда гўаш техникасида яратилган ва ўлчами атиги 12,7 х 9,8 сантиметр бўлган ушбу асар Мадриддан Гранадага кўргазма учун юборилаётган пайтда изсиз йўқолган. Асар CажаГранада фондида ўтказилиши кутилган “Nature morte. La eternidad de lo inerte” — “Натюрморт. Ҳаракатсизликнинг абадийлиги” кўргазмасида намойиш этилиши керак эди, аммо манзилга етиб бормаган.
Полиция ҳозирда воқеа тасодифий хато натижасими ёки олдиндан режалаштирилган ўғирликми — шуларни аниқлаш учун тергов ишларини олиб бормоқда. Испания Миллий полициясининг тарихий мерос бўйича махсус бўлими 10-октябрда фонднинг расмий шикояти асосида суриштирувни бошлаган.
Маълум бўлишича, “Гитарали натюрморт” хусусий тўпламга тегишли бўлиб, санъат асарларини ташишга ихтисослашган компания орқали Мадриддаги Пио XII проспектидаги уйдан 25-сентябрь куни олиб чиқилган. Барча асарлар бир вақтда омборга жойлаштирилиб, Гранадага юборилган.
Фургон 3-октябрь куни соат 10:00 да Гранадага етиб келган, аммо текширув пайтида Пикассонинг асари йўқ экани маълум бўлган. Ташувчилар йўлда Дейфонтес шаҳрида тўхтаб дам олгани маълум қилинган ва бу ҳозир терговдаги асосий нуқта ҳисобланмоқда.
Фонд видеокузатув ёзувларини таҳлил қилган, аммо дам олиш кунлари олинган тасвирларда ҳеч қандай шубҳали ҳолат қайд этилмаган. Шу билан бирга, асар қадоқлари нотўғри рақамлангани сабабли аниқ текширув кечиктирилган.
Кўргазма раҳбари ва менежерлари барча ҳужжатларни олдиндан имзолаган бўлгани учун, 6-октябрь куни асарлар жойлаштирилаётганда Пикассонинг асари йўқлиги куратор Мария Торал томонидан аниқланган.
Ҳозирча ҳеч ким ҳибсга олинмаган, асар ҳам топилмаган. Полиция версияларидан бирига кўра, асар логистика жараёнида адашиб қолган бўлиши мумкин, бошқа эҳтимолга кўра эса у олдиндан режалаштирилган тарзда ўғирланган.
Гранададаги кўргазмада Пикассодан ташқари Хуан Грис, Рене Магритт ва Рафаэль Сабалета каби машҳур рассомларнинг жами 58 та асари намойиш этилмоқда. Тақдимот 2026 йил 11-январигача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Пикассонинг “Гулли қалпоқли аёл бюсти” номли, 80 йил давомида оммага кўрсатилмаган сурати кимошди савдосига қўйилгани ҳақида ҳам хабар берилган эди.