Холанд дубль қилди, Гвардиола эса танқид қилди: “Фақат у эмас!”
Англия Премьер-лигасининг саккизинчи турида “Манчестер Сити” ўз уйида “Эвертон”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу ғалабага Эрлинг Холанднинг яна бир дубли сабаб бўлди — норвегиялик ҳужумчи ўзининг гол уриш сериясини давом эттирди ва жамоасига муҳим очколар келтирди. Аммо шунга қарамай, “шаҳарликлар” бош мураббийи Хосеп Гвардиола учрашувдан сўнг футболчиларидан қониқмаганини яширмади.
“Холанд бу баҳсда иккита эмас, тўрт ёки бешта гол уриши мумкин эди. Бу мен учун ҳафсалани пир қиладиган ҳолат. Бир нарсани яхши англашимиз керак — биз фақат Эрлингнинг голларига суяниб қололмаймиз”, — деди испаниялик мураббий.
Гвардиоланинг фикрича, жамоадаги бошқа ҳужумчилар ҳам вазиятлардан унумли фойдаланиши шарт. “Холанд ўз жойида, ҳар доим хавф туғдиради, аммо вингерлар ва ярим ҳимоячилар ҳам масъулиятли бўлишиши керак. Агар ҳамма бир хил даражада ҳаракат қилмаса, чемпионлик учун курашиш қийин бўлади”, — дея қўшимча қилди у.
25 ёшли норвегиялик ҳужумчи жорий мавсумда 8 ўйинда 11 та гол урди. Унинг бу кўрсаткичи Премьер-лига тўпурарлари пойгасида етакчиликни таъминлаб турибди. Холанд саккизта баҳснинг ярмида рақиб дарвозасига иккитадан тўп киритган ва ҳар турда жамоаси учун асосий фигурага айланмоқда.
Мутахассислар фикрича, “Сити”нинг ҳозирги формаси чемпионлик учун жиддий сигнал, аммо Гвардиоланинг фикрлари жамоа ҳали ўзининг энг юқори чўққисига чиқмаганини кўрсатмоқда. “Шаҳарликлар”нинг навбатдаги ўйинида бошқа футболчилар ҳам Холанд даражасида фаоллик кўрсатиши талаб этилади.
“Манчестер Сити” ушбу ғалабадан сўнг турнир жадвалида пешқадамлик учун асосий даъвогарлардан бири сифатида қолмоқда, Холанд эса навбатдаги рекордлар сари интилишда давом этмоқда.