Қозоғистондаги 21 қишлоқ алкоголдан воз кечди: янги ҳаёт бошланди
Шимолий Қозоғистонда соғлом турмуш тарзини танлаган аҳолилар сони тобора ортиб бормоқда. Tengrinews’нинг маълум қилишича, ҳозирда мамлакатдаги 21 та қишлоқ спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечган. Бу ҳаракат бир неча йил аввал бошланган бўлиб, ҳозир уни қўллаб-қувватлаётганлар сони кескин кўпаймоқда.
Энг сўнгги мисол сифатида Қизилжар туманидаги Байсал қишлоғи тилга олинмоқда. Бу ерда оқсоқоллар ташаббус кўрсатиб, ёшлар билан биргаликда бутун аҳоли спиртли ичимликларни бойкот қилишга қарор қилган.
“Қишлоғимизда эшиклар очиқ, ҳеч ким ҳеч нарсага тегмайди. Ичкилик йўқ, муҳит соғлом. Бу биз учун фахр,” — дейди Байсал аҳолисининг бири.
Маълумотларга кўра, қишлоқда 60 га яқин фермер хўжалиги фаолият юритади. Асосий йўналишлар — чорвачилик ва паррандачилик. Ичкиликни тўхтатиш нафақат соғломлик йўлидаги қадам, балки янги авлод учун пок муҳит яратиш ташаббуси сифатида ҳам қабул қилинмоқда.
Полиция маълумотига кўра, Байсалда ва шунга ўхшаш “ҳушёр қишлоқлар”да жиноятчилик даражаси 14 фоизга камайган. Бу эса ташаббуснинг самарадорлигини исботлаб турибди.
Бугунги кунда Қозоғистон бўйлаб бу йўналишдаги қишлоқлар сони ўсмоқда — аввал вилоятда 13 та шундай аҳоли пункти борлиги айтилган бўлса, энди бу рақам 21 тага етди. Шу билан бирга, Ғарбий Қозоғистондаги 33 та қишлоқда ҳам алкоголга расман тақиқ жорий этилган.
Мутахассислар фикрича, бу ҳаракат нафақат соғлом турмушни тарғиб қилади, балки бутун бир жамият онгини ўзгартириш йўлида муҳим босқич бўлади. Қишлоқлар бундай мисол билан бутун мамлакат учун ибратга айланмоқда.