“Энди бу мамлакат фуқароси эмасман” — АҚШ фуқаролигидан воз кечувчилар сони кўпаймоқда
Чет элда доимий истиқомат қилаётган АҚШ фуқаролари орасида сиёсий сабабларга кўра Америка фуқаролигидан воз кечаётганлар сони кескин ортмоқда.
The Washington Post нашрининг ёзишича, ҳар йили тахминан 5–6 минг нафар америкалик расман фуқароликдан чиқиш учун мурожаат қилмоқда. Илгари асосий сабаб сифатида солиқ ва ташкилий масалалар тилга олинган бўлса, сўнгги вақтларда сиёсий норозилик бу қарорнинг бош сабабига айланган.
Иммиграция бўйича ҳуқуқшунослар таъкидлашига кўра, бу тенденция сўнгги икки йилда янада кучайган. Улар фуқароликдан воз кечиш жараёни қиммат ва мураккаб эканини, аммо шунга қарамай, бундай қарорга келаётганлар кўпаяётганини қайд этган.
Greenback халқаро консалтинг компанияси ўтказган сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг 51 фоизи 2024–2025 йиллар оралиғида АҚШдаги сиёсий муҳитдан норози бўлгани туфайли фуқароликдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўрган.
Мутахассислар фикрига кўра, бу ҳолат АҚШдаги ички сиёсий кескинлик, партиялараро қарама-қаршиликлар, ижтимоий беқарорлик ва ташқи сиёсатга бўлган ишончсизлик билан боғлиқ.