Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги ғалабасига ОФКнинг муносабати...
Қатарда старт олган 17 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бу йил тарихда илк бор 48 та мамлакат терма жамоаларини бирлаштирган ҳолда ўтмоқда. ФИФАнинг бу қароридан кейин мусобақа формати тубдан янгиланиб, ҳар йили мунтазам тарзда ўтказилиши ҳам белгилаб қўйилди. Бу эса ёш футболчилар учун дунё миқёсида ўз иқтидорини намоён этиш имкониятини янада кенгайтирди.
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Саудия Арабистонидаги Осиё чемпионатида зафар қозонганидан сўнг, қитъа чемпиони сифатида жаҳон майдонига чиққан. Бу ёшлар учун учинчи жаҳон чемпионати бўлиб, жамоа бу гал Ислом Исмоилов бошчилигида майдонга тушмоқда. Улар “J” гуруҳида Парагвай, Ирландия ва Панама ўсмирларига қарши баҳс олиб боради.
Мусобақадаги илк синовда ўзбекистонлик йигитлар Парагвайга қарши ўйинда ғалаба қозонишди. Учрашув қизиқарли ва кучли босим остида ўтди, бироқ Азизбек Абдумўминовнинг икки голи натижани белгилади — 2:1. Биринчи гол 25-дақиқада Абубакир Шукуруллаевнинг аниқ пасидан кейин узоқ масофадан келган кучли зарба билан киритилди. Биринчи бўлимнинг охирида эса Азизбек яна бир бор жарима майдонида ўз имконини ишга солиб, ҳисобни оширди.
Иккинчи бўлимда Парагвай жамоаси вазиятни ўнглашга уринишди, бир неча бор хавфли ҳужумлар уюштиришди, аммо ўзбек йигитлари ҳимояда зич ўйнаб, рақибга катта имконият бермади. Фақатгина учрашувнинг 89-дақиқасида Алан Ледесма пенальти орқали ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди, аммо натижа ўзгармади — Ўзбекистон учун ғалаба!
Осиё футбол конфедерацияси (AFC) ҳам мазкур натижага эътибор қаратди ва расмий сайтида шундай ёзди:
“Ўзбекистон Қатардаги жаҳон чемпионатидаги иштирокини Парагвай устидан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан бошлади. Учрашувнинг энг ёрқин юлдузи дубль муаллифи Азизбек Абдумўминов бўлди. Унинг жамоаси рақиб босимига дош бериб, илк очколарни қўлга киритди.”
Мураббий Ислом Исмоилов ҳам ўйиндан кейин футболчиларнинг иродаси ва интизоми учун миннатдорчилик билдирди. Унинг таъкидлашича, жамоа аввалдан режалаштирилган тактик усулда ҳаракат қилиб, рақибни тезкор ҳужумлар билан кутилмаган вазиятларда ушлаб қолди.
Эндиликда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 8 ноябрь куни Ирландияга қарши муҳим баҳсга тайёргарлик кўрмоқда. Ирландия бугун Панамани 4:1 ҳисобида енггани боис, келгуси тўқнашув гуруҳда етакчилик учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Азизбек Абдумўминов эса жаҳон чемпионати тўпурарлари рўйхатига қўшилди. Йигитларимиз шундай руҳ билан мусобақани давом эттирса, Ўзбекистон бу йил ҳам ёшлар даражасида жаҳон футболида янги саҳифа очиши мумкин.
