Азизбек Абдумўминов: “Бу ғалаба бутун Ўзбекистонники!”
Қатардаги 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани шиддатли старт билан бошлади. Гуруҳ босқичининг илк баҳсида Ислом Исмоилов шогирдлари Парагвай термасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, барчага кучли таассурот қолдирди.
Учрашув қаҳрамони — Азизбек Абдумўминов бўлди. У икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, терма жамоамизни муҳим ғалабага етаклади. Баҳсдан кейин у ўз ҳис-туйғулари ва фикрлари билан ўртоқлашди:
“Бутун Ўзбекистон халқини бугунги ғалаба билан чин дилдан табриклайман. Бу мусобақадаги биринчи баҳс биз учун катта аҳамиятга эга эди. Майдонга чиқар эканмиз, ҳар биримиз юртимиз шарафини ҳимоя қилаётганимизни ҳис қилдик. Мураббийларимиз томонидан берилган барча кўрсатмаларни тўлиқ бажаришга ҳаракат қилдик,” — деди Азизбек.
Унинг айтишича, жамоа руҳияти юқори ва келгуси баҳсларда янада кучли ўйин кўрсатиш нияти бор.
“Ҳали олдинда кўп ишимиз бор. Кейинги учрашувларда ҳам шундай куч билан ҳаракат қилишга интилмоқдамиз. Ҳудо хоҳласа, бу мусобақада энг юқори поғонага чиқамиз ва кубокни Ўзбекистонга олиб келамиз. Олға Ўзбекистон!” — дея илова қилди у.
Абдумўминовнинг илк ўйиндаги дубли нафақат жамоага муҳим ғалаба келтирди, балки уни мусобақа юлдузларидан бири сифатида намоён қилди. Мухлислар эса ижтимоий тармоқларда унинг ҳаракатларини мақтаб, “бизнинг келажак юлдузимиз” деб аташди.
Ўзбекистон терма жамоаси энди 8 ноябр куни Ирландия ўсмирларига қарши баҳс олиб боради. Бу ўйин гуруҳдаги тақдирни белгилаб бериши мумкин бўлади.
