Марко Рубио Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда
АҚШ давлат котиби Марко Рубио 2026 йилда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига ташриф буюришни режалаштираётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters. "Эҳтимол, бир ҳафталик саёҳат режалаштирилади.
Шу боис, бу борада ишлашимиз ва биргаликда амалга оширишимиз керак", деди у. Мазкур баёнот "С5+1" саммити арафасида янгради.
Ушбу саммит 6-ноябр куни бўлиб ўтади ва унда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳамда АҚШ президенти Дональд Трамп иштирок этади. Саммит давомида томонлар инвестиция ва савдо масалаларини муҳокама қилишади.
Бу эса Америка фуқароларини иш билан таъминлашга ва минтақа иқтисодиётини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Рубио минтақа ва Вашингтоннинг манфаатлари табиий ресурслардан фойдаланиш масалаларида бир-бирига мос келишини таъкидлади.
Давлат котиби сўнгги ўн йил давомида Вашингтон Марказий Осиёга етарлича эътибор бермаганлигини, аммо ҳозирда АҚШ ҳукумати минтақа давлатлари билан икки томонлама ва минтақавий даражада ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини қайд этди. Шунингдек, котиб ўринбосари Кристофер Ландау, Трамп Марказий Осиёнинг беш етакчисини Вашингтонга таклиф қилганини ва минтақа билан янада фаол мулоқот қилишни мақсад қилганини қўшимча қилди.
