Ўзбекистонда иш вақтидан ташқари меҳнат учун 2 баробар ҳақ тўланади
Ўзбекистонда ортиқча иш соатлари учун ҳақ тўлаш тартиби янгича асосда белгилаб олинди. Президент томонидан имзоланган янги Қонун (ЎРҚ–1095, 2025 йил 11 ноябрь) меҳнат муносабатларини такомиллаштириш ва ишчи ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган, деб хабар берди Norma.uz.
Ҳужжатга кўра, хусусий бандлик агентликларига янги имкониятлар яратилди — улар эндиликда касб ва хорижий тиллар бўйича ўқув курсларини ташкил қилиши, чет эл иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиши ва депозитдан олинадиган фоиз даромадларини мустақил бошқариши мумкин бўлади.
Энг муҳим ўзгаришлардан бири — иш вақтидан ташқари меҳнатга оид чекловнинг бекор қилиниши. Илгари Меҳнат кодексида бу ҳолат йилига 120 соатдан ошмаслиги лозим деб белгиланган эди. Энди эса иш берувчи ва ходим ўртасида келишув асосида бу соатлар чекланмайди.
Қонунга мувофиқ, иш вақтидан ташқари меҳнат учун ҳақ қуйидагича белгиланган:
— дастлабки икки соат учун камида 1,5 баробар;
— икки соатдан ортиқ ишлаган тақдирда камида 2 баробар миқдорда маош тўланади.
Мутахассислар фикрича, бу ўзгаришлар меҳнат муносабатларини янада очиқ-ошкора қилиш, ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш ҳамда хусусий бандлик тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
