Бизнес очиш осонлашади ва харажатлар камаяди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра, тадбиркорларнинг маъмурий харажатлари 90 миллиард сўмгача қисқартирилиши режалаштирилмоқда. Бунинг учун келгуси йилдан бошлаб мамлакатда “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили жорий этилади.
Ушбу чора орқали тадбиркорлар рўйхатдан ўтишда бир қатор хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади. Хизматлар рўйхатига электрон рақамли калит бериш, банк ҳисоб рақамларини очиш учун ариза топшириш ва лицензияларни олиш киради.
Шунингдек, бизнес вакиллари ижара шартномаларини расмийлаштириш, онлайн рўйхатдан ўтиш ва касса аппаратларини сотиб олиш имкониятига эга бўладилар. Бу ҳақда давлат раҳбарининг фармонида қайд этилган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг ноябр ойи бошида республикада 465,9 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 0,7 фоизга камайган.
Мазкур корхоналарнинг 395,7 мингдан ортиғи кичик бизнесга тўғри келади. Ҳудудлар кесимида энг кўп фаолият юритаётган корхоналар ва ташкилотлар Тошкент шаҳрида – 23 фоиз, Тошкент вилоятида – 9,7 фоиз, Самарқанд вилоятида – 8,6 фоизни ташкил этади.
