Франция АҚШда Бразилия ва Колумбияга қарши синов ўтказади
Франция терма жамоаси 2026 йил март ойидаги муҳим ўртоқлик учрашувлари учун рақибларини расман белгилади. Дидье Дешам шогирдлари Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнини АҚШда ўтказиладиган икки кучли беллашув билан бошлайди.
Маълум қилинишича, “Les Bleus” аввало 26 март куни ЖЧда доимий фаворитлардан бири саналган Бразилияга қарши майдонга тушади. Орaдан кўп ўтмай, 29 мартда уларга Колумбия терма жамоаси рақиб бўлади. Ҳар икки ўйин ҳам Франциянинг тактик тайёргарлиги, таркибдаги янги қўшимчалар ва ўйин услубини янада шакллантириш учун катта аҳамият касб этади.
Бу синовлар Франция учун айниқса муҳим — чунки ЖЧ-2026 қуръасига кўра, улар Сенегал, Норвегия ва плей-офф ғолиби (Боливия, Суринам ёхуд Ироқ) билан бирга I гуруҳидан ўрин олган. Бу квартет осон деб бўлмайди, айниқса Африка чемпиони Сенегал ва мунтазам ўсиш кўрсатаётган Норвегия каби рақиблар билан кураш ўта муросасиз бўлиши аниқ.
Франция шу икки ўртоқлик ўйини орқали жамоа ўйин ритмини топиш, ҳужум ва ҳимоядаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда ЖЧ олдидан психологик устунликни қўлга киритишни мақсад қилган. Жумладан, янги ёш футболчиларнинг имкониятларини синовдан ўтказиш ҳам Дешам режасининг бир қисми ҳисобланади.
АҚШдаги беллашувлар нафақат мураббийлар, балки миллионлаб мухлислар томонидан ҳам катта қизиқиш билан кузатилиши турган гап. Зеро, Франциянинг Бразилия ва Колумбияга қарши ўйинлари глобал футбол ҳамжамияти учун ҳам ўзига хос “мини-фестиваль” бўлади.
Франция термаси учун навбатдаги босқич — гуруҳдаги янада жиддий рақобат. Шу боис март ойидаги бу икки қарши учрашув уларнинг чемпионат олдидан қай даражада тайёр эканини кўрсатиб беради.
