Ўзбекистонда қариндошлар ўртасидаги никоҳ бутунлай тақиқланиши кутилмоқда
Мамлакатда оила қонунчилигига кескин ўзгартиришлар киритилмоқда: энди холавачча ёки амакиваччалар турмуш қура олмайди.
Янги қонун лойиҳасига кўра, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ муносабатларига чек қўйилиши режалаштирилган. Унга кўра, нафақат бевосита, балки ён шажара бўйича ҳам қариндошлик ришталари бор шахсларнинг оила қуриши ман этилади.
Кимларга никоҳ тақиқланади?
Чекловлар 2-, 3- ва 4-даражадаги қариндошларни ўз ичига олади. Жумладан:
- Тоға, амаки, амма ва холалар ҳамда уларнинг жиянлари;
- Тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар ўртасидаги никоҳларга йўл қўйилмайди.
Муҳим истисно: Фарзандликка олинган ёки ўгай ака-сингиллар ўртасида, агар улар орасида ҳақиқий қон-қариндошлик бўлмаса, бу чекловлар амал қилмайди.
Шу билан бирга, никоҳ ёши бўйича ҳам аниқ қоидалар белгиланмоқда. Ҳомиладорлик ёки фарзанд дунёга келиши каби алоҳида ҳолатлардагина туман (шаҳар) ҳокимлари никоҳ ёшини 1 йилга пасайтириш ваколатига эга бўлади.
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан амалда оилавий муносабатда бўлиш оғир молиявий ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келади:
Жарима: 20,6 миллион сўмдан 41,2 миллион сўмгача;
Жамоат ишлари: 240 соатдан 300 соатгача мажбурий меҳнат;
Ахлоқ тузатиш ишлари: 2 йилгача муддатга тайинланиши мумкин.
