Ўзбекистондан хорижга саёҳат қилувчилар сони бир йилда 23 фоизга ошди
2025 йил декабр ойи бошига келиб қарийб 7 млн ўзбекистонлик сайёҳ сифатида хорижга сафар қилган. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, йил давомида туристик оқим 23 фоизга кўпайган. Бу ҳақда kursiv.uz беради.
Энг кўп ташрифлар Марказий Осиё давлатларига тўғри келган. Йўналишлар ичида етакчи ўринда Қирғизистон — 3,1 млн киши. Кейинги поғоналарда Қозоғистон ва Тожикистон мос равишда 1,3 млн ва 1,2 млн сайёҳ билан қайд этилган.
Оммабоп бешликка Россия (399 минг) ва Саудия Арабистони (296,4 минг) ҳам кирган. Шунингдек, Туркияга 251,1 минг нафар, БААга эса 126,3 минг нафар Ўзбекистон фуқароси борган.
Маълум қилинишича, Тошкент яқин беш йилда туристик хизматлар экспортни 20 млрд долларга етказишни режалаштирмоқда. Режалар доирасида Самарқандда диққатга сазовор масканларни ягона туристик маконга боғлайдиган қулай пиёда йўлаклари ва кўприклар барпо этилиши кўзда тутилган.
Шаҳрисабзда “Гелон” йирик туристик мажмуасини қуришнинг биринчи босқичи бошланади, Поп туманида эса “Арашан” тоғ курорт-туристик зонаси ташкил этилиши режалаштирилган. Хивадаги Ичан-қалъа эса очиқ осмон остидаги интерактив “ақлли” музей форматига ўтказилиши айтиламоқда.
