Садир Жапаров салкам 4,5 йиллик қамоқдаги ўтмиши ҳақида нималар деди?
Қирғизистон президенти Садир Жапаров тергов изоляторлари ҳақидаги шикоятларга муносабат билдириб, СИЗО дам оладиган ёки қулай яшашга мўлжалланган жой эмаслигини очиқ айтди. Давлат раҳбари бу борада принципиал позициясини билдириб, тергов изолятори аввало қонун доирасидаги жазо ва тартиб макони эканини таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, СИЗОларда шароитлар устидан арзлар келиб тушаётгани унга маълум. Аммо у бундай муассасаларни «курорт» билан қиёслаш мутлақо нотўғри эканини қайд этди. «Тергов изолятори — курорт эмас. Агар у шундай бўлганида, уни тергов изолятори деб атамасдик», — деди Жапаров.
Унинг таъкидлашича, СИЗОларда иситиш печларидан фойдаланиш тақиқланган, бироқ бинолар давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ иситилади ва электр энергияси билан таъминланади. Барча харажатлар солиқ тўловчилар маблағлари ҳисобига қопланади, шу сабабли ортиқча талаблар қўйиш ўринсиз, деб ҳисоблайди президент.
Садир Жапаров ўз шахсий тажрибасини ҳам эслаб ўтди. У икки марта тергов изоляторида бўлган: биринчи сафар 9 ой, иккинчи марта эса 3,5 йил давомида. «Мен шикоят қилмадим. Чидамли бўлдим, чунки бу СИЗО эди», — дея ўтмишини ёдга олди у.
Президентнинг айтишича, охирги йилларда Қирғизистонда пенитенциар тизим сезиларли даражада ислоҳ қилинган. Илгари қамоқдаги одамлар руҳан ва жисмонан емирилган бўлса, ҳозирги шароитлар уларнинг тузалишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда маҳкумларга кунигa уч маҳал бепул овқат берилади, кийим-бош билан тўлиқ таъминланади, қишки ва ёзги форма бир хил тартибда тақдим этилади. Шунингдек, улар меҳнат қилиб, пул ишлаб топиш имкониятига эга, айрим маҳкумлар эса ўз оилаларига маблағ ҳам жўнатмоқда.
Давлат раҳбари сўзининг якунида қамоқхоналардаги тартиб ва шароит барча маҳкумлар учун бир хил эканини, ҳеч кимга алоҳида имтиёз берилмаслигини қатъий таъкидлади.
