Добавить новость
smi24.net
World News in Uzbek
Декабрь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29
30
31

«Дўзах дарвозаси» кратерини ўчириш усули топилгани маълум бўлди

0

Марказий Қорақумда ярим асрдан зиёд вақтдан бери тўхтовсиз ёниб келаётган машҳур «Дарвоза» газ кратерини бартараф этиш бўйича амалий ечим ишлаб чиқилди. Бу ҳақда «Туркменгаз» давлат концерни қошидаги Табиий газ илмий-тадқиқот институти мутахассислари маълум қилди. Янгиликка кўра, муаммони ҳал этиш янги қудуқ бурғилаш ҳамда газ оқимларини қайта йўналтириш орқали амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, мутахассислар ҳудуднинг геологик тузилиши ва гидродинамик ҳолатини чуқур таҳлил қилган ҳолда Чалжулба конида махсус эксплуатацион баҳолаш қудуғини бурғилаш таклифини илгари сурган. Ушбу ёндашув газ конларидаги энг сиғимли қатламлардан газни жадал олишга имкон беради. Натижада газнинг табиий фильтрация оқимлари ўзгариб, асосий қисми кратер томон эмас, балки янги қудуқлар орқали чиқарилиши кутилмоқда. Бу эса кратерга чиқиб ёнаётган газ ҳажмини сезиларли даражада камайтириши мумкин.

Ёниб турган кратер Ашхободдан тахминан 260 километр шимолда, Дарвоза қишлоғи яқинида жойлашган. У 1963 йилда (айрим манбаларга кўра, 1971 йилда) газ конини ўрганиш жараёнида геологик ҳалокат натижасида пайдо бўлган. Қудуқ бурғилаш пайтида катта бўшлиққа дуч келиниб, ернинг юқори қатламлари ҳамда бурғулаш ускуналари қулаб тушган. Ҳосил бўлган улкан тешикдан табиий газ сизиб чиқа бошлаган.

Одамлар ва ҳайвонлар заҳарланмаслиги учун ўша пайтда газ қасддан ёқиб юборилган. Режага кўра, газ бир неча кун ичида тугаши керак эди. Аммо кон кўп қатламли бўлгани сабабли ёниш тўхтамади ва у ҳозиргача давом этмоқда. Кратернинг диаметри тахминан 60 метр, чуқурлиги эса 20 метрга яқин. Расмий манбаларда у «Қорақум шуъласи», халқ орасида эса «Дўзах дарвозаси» номи билан машҳур бўлиб, йиллар давомида сайёҳларни ўзига жалб этган диққатга сазовор масканга айланган.

Туркманистон раҳбарияти бу масалага бир неча бор эътибор қаратган. Хусусан, 2010 йилда мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кратер ёниши яқин атрофдаги газ захираларини ўзлаштиришга халал бермаслиги кераклигини таъкидлаб, уни ўчириш бўйича топшириқ берган. 2022 йилда эса бу талаб яна такрорланган. Давлат раҳбари ер ости газининг бекорга ёниб кетиши экологик ҳолатга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётганини, шунингдек, экспорт қилиниши мумкин бўлган қимматли ресурс исроф бўлаётганини очиқ айтган эди.

Янги ишлаб чиқилган илмий ечим ана шу муаммоларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, агар у амалиётда ўзини оқласа, «Дарвоза» кратерининг ўн йиллаб давом этган назоратсиз ёниши ниҳоят тўхташи мумкин. Бу эса ҳам экологик, ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.















Музыкальные новости






















СМИ24.net — правдивые новости, непрерывно 24/7 на русском языке с ежеминутным обновлением *