Автоҳалокатда Энтони Жошуанинг ҳалок бўлган мураббийлари исми маълум бўлди
Аввал хабар қилинганидек, Лагос — Ибадан автомобиль йўлида содир бўлган фожиали йўл-транспорт ҳодисаси жаҳон спорти жамоатчилигини ларзага солган эди. Мазкур автоҳалокатда таниқли боксчи Энтони Жошуа ўтирган автомобил ҳаракатсиз юк машинасига бориб урилиб, оғир оқибатларга олиб келган.
ЙТҲ натижасида икки нафар инсон ҳаётдан кўз юмгани, Энтони Жошуанинг ўзи эса енгил тан жароҳатлари билан қутулиб қолгани маълум қилинган эди. Орадан вақт ўтиб, ҳалок бўлган шахсларнинг кимлиги ҳам расман очиқланди.
Sports Illustrated нашри тарқатган маълумотларга кўра, автоҳалокат қурбонлари британиялик боксчининг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Сина Гами ҳамда шахсий мураббийи Роберт Латс бўлган. Улар кўп йиллар давомида Энтони Жошуанинг профессионал фаолиятида муҳим ўрин тутган, унинг жисмоний ҳолати ва рингдаги тайёргарлиги учун масъул мутахассислар ҳисобланар эди.
Бу фожиа Жошуанинг жамоаси учун катта йўқотиш сифатида баҳоланмоқда. Боксчининг яқин атрофида бўлган мураббийлар унинг сўнгги муваффақиятларида ҳам катта ҳисса қўшган эди.
Эслатиб ўтамиз, Энтони Жошуа яқиндаги сўнгги жангда профессионал боксчига айланган блогер Жейк Полни олтинчи раундда нокаутга учратиб, мухлисларини яна бир бор хурсанд қилган эди.
Ҳозирда автоҳалокат сабаблари бўйича тергов ишлари давом этмоқда. Жошуанинг аҳволи барқарор экани, у шифокорлар назорати остида экани маълум қилинган. Фожиа эса спорт оламида узоқ вақт муҳокама қилинадиган оғир йўқотиш сифатида қолиши аниқ.
