Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар ҳақида илова орқали хабар бериш имконияти яратилади
Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқбузарлик ҳолатларини фото ва видео орқали тезкор тарзда инспекторларга юбориши мумкин бўлган мобил илова ишга туширилади. Бу борадаги ҳужжатга президент Шавкат Мирзиёев имзо чекди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ички ишлар вазирлиги мурожаатларни реал вақт режимида қабул қилишни йўлга қўяди: бунинг учун патруль ходимлари планшетлар билан таъминланади. Тизим қоидабузарлик қаерда содир бўлишидан қатъи назар, тезроқ чоралар кўришга хизмат қилиши кутилмоқда.
“Менинг инспекторим” номли мобил иловани 2026 йил ноябрига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Илова орқали фуқаролар инспекторлар билан мулоқот қилиши, фото, аудио ва видео хабарлар ҳамда хавотир сигналларини юбориши, шунингдек, ходимлар фаолиятини баҳолаши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, 2026 йил майига қадар бошқа идоралар билан ҳамкорликда оилавий низолар кузатиладиган хонадонлар билан ишлашга мўлжалланган алоҳида тизимни жорий этиш режалаштирилмоқда. У маълумотларни жамлаш ва таҳлил қилиш орқали маиший жиноятларнинг олдини олишга ёрдам бериши айтилмоқда.
