Хаби Алонсо Симеонега жавоб қайтарди: ҳурматнинг ҳам чегараси бор...
Мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи Хаби Алонсо Испания Суперкубоги ярим финалидаги тортшувли лаҳзалардан сўнг «Атлетико» устози Диего Симеоненинг хатти-ҳаракатларига муносабат билдирди. Унинг фикрича, футболда эмоция бўлиши табиий, аммо ҳурмат деган нарсанинг ҳам ўз “қизил чизиғи” бор.
Алонсо As нашрига берган интервьюсида, одатда рақиб жамоа футболчиларига эҳтиром билан ёндашишини, улар билан баҳсга киришмасликка ҳаракат қилишини айтди. Мутахассис шу билан бирга Симеоненинг Винисиус Жуниор ҳақида айтган гаплари унга ёқмаганини ҳам яширмади.
«Бу спортга хос хулқ-атворнинг энг яхши намунаси эмас. Рақибни ҳурмат қилиш керак. Футбол майдонида содир бўлаётган ҳолатларнинг ҳам ўз чегараси бор», — деди Хаби Алонсо.
Эслатиб ўтамиз, ўйин давомида Диего Симеоне Винисиус Жуниор билан тортишиб қолган. «Атлетико» мураббийи бразилиялик футболчига «Реал» президенти Флорентино Перес уни сотиб юборишини айтиб мурожаат қилгани ҳақида хабар қилинди. Бу эпизод майдондаги рақобатни янада қиздириб, мухлислар эътиборини ҳам ўзига тортди.
Шунга қарамай, баҳс майдонда ҳал бўлди: «қаймоқранглар» «матрасчилар»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Испания Суперкубоги финалига йўл олди. Яъни, ўйиндан кейинги гап-сўзлар қанча кўпаймасин, таблода ёзилган ҳисоб ҳаммасига нуқта қўйди.
Қисқаси, Алонсо позицияси аниқ: ғалаба ҳам, мағлубият ҳам бўлади, аммо катта футболда катта маданият ҳам талаб қилинади. Мухлислар эса энди бошқа бир нарсани кутаяпти — финалда «Реал» қандай жавоб беради? Майдондаги жавоб, ҳар доим, энг қаттиқ ва энг ишончли жавоб.
