Исроил ва ҲАМАС Ғазода жангларни қайта бошлаши мумкин
Исроил ва ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида жанговар ҳаракатларни қайта бошлашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари расмийларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, ҲАМАС АҚШ президенти Доналд Трампнинг тинчлик режаси доирасида тузилган келишувга қарамай, қуролсизланишдан бош тортмоқда. Шу сабабли Исроил армияси фаластинликлар истиқомат қиладиган қирғоқ ҳудудида янги қуруқликдаги ҳарбий операция ўтказиш режасини ишлаб чиққан.
ҲАМАС ҳаракати уруш пайтида йўқотилган ҳарбий салоҳиятини тикламоқда, жумладан вайрон бўлган туннел инфратузилмасини таъмирлаш ва аъзоларига мунтазам тўловларни қайта йўлга қўйиш ишларини давом эттирмоқда. Шу билан бирга, янги қўмондон сайланганидан сўнг ҲАМАС қуролсизланиш масаласидаги позициясини ўзгартириши мумкинлиги айтилмоқда.
Ғазодаги уруш 2023-йил 7-октябрда ҲАМАС ҳужуми билан бошланди. Исроил жавоб ҳаракатларида фаластинликлар орасида 71 мингдан ортиқ ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари ҳисобланади. 2025-йил 10-октябрда тузилган оташкесим эса юз минглаб фаластинликларга Ғазо шаҳри харобаларига қайтиш имконини берган, бироқ сулҳдан буён Исроил кучлари зарбаларида камида 400 киши ҳалок бўлган, ўз аскарлари орасида эса уч киши ўлдирилган.
