Нойер «Бавария»нинг 8:1 ҳисобидаги ғалабасини шарҳлади
«Бавария» дарвозабони Мануэл Нойер «Волфсбург» устидан 8:1 ҳисобида қозонилган йирик ғалабадан кейин ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мюнхен клуби муваффақиятга Майкл Олисенинг дублини, шунингдек «бўрилар» томонидан киритилган икки автоголни қўшиб, рақибни бутунлай таслим этди. Яна Луис Диас, Рафаэл Геррейру, Гарри Кейн ва Леон Горецка биттадан гол муаллифи бўлди.
«Жуда ёқимли ҳиссиёт. Йил бошидаги илк уй учрашувини сифатли ўтказишга қатъий бел боғлагандик ва буни аъло даражада уддаладик. Жуда мамнунмиз», — деди Нойер DAZN’га берган интервьюсида.
Дарвозабон жамоада ҳар бир футболчининг ўрни муҳимлигини таъкидлади: «Ҳар ким максимал фойда келтиришни хоҳлайди. Биз доим яна ва яна гол уришга интиламиз — натижалар буни кўрсатиб турибди. Шу руҳда давом этишимиз керак».
Венсан Компани бошчилигидаги жамоа 14-январ куни «Кёльн»га қарши майдонга тушади.
