Жавоҳир Синдоров Ўзбекистонда йилнинг энг яхши шахматчиси сифатида тан олинди
10 январь куни Ўзбекистон шахмат федерацияси 2025 йил якунлари ва 2026 йил режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказди. Тадбирда шахматни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслар эълон қилинди ва йил давомида энг яхши спортчилар ҳамда мутахассислар тақдирланди.
2025 йилги FIDE Жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров “Йилнинг энг яхши шахматчиси” деб эътироф этилди. Аёллар ўртасида эса Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Умида Омонова йилнинг энг яхши шахматчиси сифатида тан олинди.
Ёшлар ва махсус йўналишларда ҳам ғолиблар аниқланди: 12 ёшгача Нурмуҳаммад Нематиллахонов ва Хуснора Хусниддинова, 20 ёшгача Афруза Ҳамдамова ва Муҳиддин Мадаминов, пара шахматда Марсел Шоюсупов ва Селби Какишева энг яхши номзодлар бўлди.
Фахрий шахматчи Ўктам Шералиев, энг яхши ҳакам Комилжон Азизов, таҳлилчи Улуғбек Тиллаев ва шарҳловчи Антон Ким ҳам алоҳида эътирофга сазовор бўлди. Бу ютуқлар Ўзбекистон шахматининг нуфузи ва келажаги учун муҳим саналади.
