Жамоатчилик Соловьёвнинг таҳдидли чиқишига кескин муносабат билдирди
Россиялик пропагандачи Владимир Соловьёвнинг навбатдаги кўрсатувида постсовет давлатларида ҳам «ҳарбий амалиётлар» ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги даъвоси ўзбекистонлик экспертлар ва фаолларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Жамоатчилик вакиллари буни нафақат таҳдид, балки мамлакат суверенитетига очиқдан-очиқ ҳужум сифатида баҳоламоқда.
«Муштумзўрнинг аламини тинч одамлардан олиши»
Таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров Соловьёвнинг бу чиқишини мажозий маънода «қиморбозлардан калтак еган муштумзўрнинг аламини йўлда тинч кетаётган бегуноҳ одамлардан олиши»га қиёслади. Экспертнинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари бундай пўписаларга нисбатан жим турмаслиги ва бирлашган ҳолда расмий нота бериши лозим.
«Персона нон грата» эълон қилиш таклифи
Журналист Илёс Сафаров бу баёнотларни шунчаки «рейтинг ортидан қувиш» (ҳайп) эмас, балки Россия мафкуравий машинасининг энг тажовузкор йўналишини кўрсатувчи сиёсий сигнал деб атади. У Ўзбекистонда мавжуд қонунчиликка асосланиб, Владимир Соловьёвни мамлакатга кириши тақиқланган шахслар — «персона нон грата» рўйхатига киритишни таклиф қилди.
ТИВдан кескин жавоб кутилмоқда
Жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев Соловьёвнинг сўзларини очиқ таҳдид деб баҳолади. У Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини ушбу ҳолат бўйича сукут сақламай, қатъий ва кескин муносабат билдиришга чақирди. Унинг фикрича, миллий манфаатлар ва мустақиллик масаласида муросасиз бўлиш шарт.
«Ўз уйимизни биргаликда ҳимоя қиламиз»
Журналист ва фаол Никита Макаренко дунёда фақат Россия оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон суверенитетига нисбатан бундай ҳурматсизлик кузатилаётганига эътибор қаратди. У рус тилида сўзлашувчи ватандошларни мустамлакачилик ғояларидан узоқ бўлишга чақирди:
«Ўзбекистоннинг рус тилли аҳолиси тинч ва суверен Ватан ғояси атрофида жипслашиши керак. Биз ҳеч қандай „хўжайинлар“сиз ўз мустақил ҳаётимизни қуришимиз ва ўз уйимиз — Ўзбекистонни ҳимоя қилишимиз шарт».
Макаренко, шунингдек, ахборот хуружларига қарши курашда Озарбайжон тажрибасини мисол қилиб келтирди.
Сизнингча, хорижий пропагандачиларнинг бундай баёнотларига нисбатан энг самарали жавоб қандай бўлиши керак: расмий нотами ёки ахборот блокировкаси?
