Ҳусанов порлади, «Манчестер Сити» ярим финалда «Нюкасл»ни мағлуб этди
Англия Лига кубоги ярим финал босқичининг илк баҳси ҳақиқий интрига билан ўтди. Хосеп Гвардиола бошчилигидаги "Манчестер Сити" сафарда "Ньюкасл"га қарши ўйнаб, 2:0 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди. Учрашув мухлислар учун шиддатли кечди, аммо майдонда «шаҳарликлар»нинг совуққонлиги ва аниқ режаси устун келди.
Бу баҳс биз учун яна бир жиҳати билан ёдда қолди. Ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов бутун ўйин давомида ишончли ҳаракат қилди ва ҳимояда деярли хато қилмади. Унинг барқарор ўйини “Sofascore” томонидан ҳам юқори баҳоланиб, учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Қисқаси, Ҳусанов — бугун жамоанинг суянадиган устуни эканини яна бир бор исботлади.
Иккинчи бўлимда «Сити» босимни янада кучайтирди. 53-дақиқада Семенё аниқ зарба билан ҳисобни очиб, меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Ўйин сўнгги дақиқаларида «Ньюкасл» ҳисобни қисқартиришга уриниб кўрди, аммо бу фойда бермади. Аксинча, 90+9-дақиқада майдонга захирадан тушган Шерки ҳал қилувчи голни уриб, ғалабага нуқта қўйди.
Англия Лига кубоги. Яримфинал
Нюкасл – Манчестер Сити 0:2
Голлар: Семенё 53, Шерки 90+9
Нюкасл – Поуп, Ҳолл, Ботман, Милей, Рэмси (Тонали, 69), Тиав, Висса (Волтемаде, 69), Гордон (Эланга, 69), Мерфи (Барнс, 45+2), Гимараэс, Жоэлинтон.
Манчестер Сити – Траффорд, Нунес (Люис, 62), Абдуқодир Ҳусанов, Аллейн, Аке, О’Райли (Родри, 61), Семенё, Доку (Шерки, 77), Фоден (Рейндерс, 62), Силва, Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Жоэлинтон 31, Гимараэс 76 – О’Райли 31, Нунес 39, Силва 73, Люис, 83.
Шу тариқа, биринчи тўқнашувда 2:0 ҳисобида устунликка эришган "Манчестер Сити" финалга йўл очиб берувчи жуда қулай натижани қўлга киритди. Энди барча эътибор жавоб учрашувига қаратилган: 4 февраль куни «Сити» ўз майдонида ушбу жуфтлик тақдирини ҳал қилади.
Мухлислар учун эса асосий хулоса битта: Ҳусанов каби ишончли футболчилар билан «шаҳарликлар»нинг кубок орзуси жуда реал. Давоми янада қизиқ бўлади — попкорнни тайёрлаб қўйинг.
