Ўзбекистонда айрим ҳудудлардаги оилавий тадбиркорларга кредит ставкаси пасайтирилади
Жорий йилда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 140 триллион сўм миқдорида кредит ажратилади. Шу билан бирга, кредит бериш тартиби қайта кўриб чиқилиб, янги тизимда ҳудудларнинг имконияти ва шароити инобатга олинади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2026 йилда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишинида маълум қилди. Давлат раҳбари ҳозир банклар барча учун бир хил шартларни таклиф қилаётганини, бироқ тадбиркорларнинг шароити ҳудуддан ҳудудга кескин фарқ қилишини таъкидлади.
Президент мисол сифатида Олмазор ва Бўзатовдаги имкониятларни қиёслаб, оилавий тадбиркорлик дастурида ҳар икки ҳудудга ҳам 17,5 фоиз ставкада бир хил кредит ажратилаётганини қайд этди. Эндиликда дастур доирасида 37 та “оғир” ҳудудда кредитлар 12 фоиз ставкада берилади.
Оилавий тадбиркорлик дастурида имтиёзли кредитнинг энг юқори миқдори барча туманларда 1,5 баробарга оширилиб, 50 миллион сўм этиб белгилайди. Импорт ва сертификатланган насилли чорва хариди учун 100 миллион сўмгача, меҳмон уйи ташкил этиш, кичик совиткич ёки маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган мини-технологиялар учун эса 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит олиш имконияти яратилади.
Чегараолди ва анклав ҳудудлардаги 562 та маҳаллада амалга ошириладиган лойиҳалар учун кредит лимити 1 миллиард сўмгача оширилади. Ушбу чораларни молиялаштириш мақсадида оилавий бизнес учун режалаштирилган 3,6 триллион сўмга қўшимча равишда яна 2 триллион сўм йўналтирилади.
Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш учун банклар бу йил 17 триллион сўм кредит ажратади. Маҳсулот етиштиришга олинган кредитларнинг 4 фоизи, қайта ишлаш лойиҳалари бўйича эса 6 фоизи компенсация қилинади.
