Ҳусанов ва Гехи тандеми: уларнинг бугунги ўйини қандай баҳоланди?
Англия Премьер-лигасининг 23-туридан ўрин олган “Манчестер Сити” — “Вулверхэмптон” баҳси “шаҳарликлар”нинг 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланди. Ушбу учрашувда голлар Омар Мармуш ва Антуан Семеньо томонидан дарвозага киритилди.
Беллашувнинг энг қизиқ жиҳатларидан бири — ўзбекистонлик легионеримиз Абдуқодир Ҳусановнинг тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилгани бўлди. Эътиборлиси, бу учрашувда Ҳусанов жамоа сафига яқинда келиб қўшилган англиялик марказий ҳимоячи Марк Гехи билан бирга тандем ҳосил қилди. Улар биргаликда ҳимояда анча барқарор ҳаракат қилиб, “бўрилар”нинг ҳужумларини кўп ҳолатда ўз вақтида тўхтатишга муваффақ бўлишди.
Учрашувдан кейин Гехининг ўйини турли статистик ва аналитик платформаларда юқори баҳоланди. Хусусан, “Sofascore” уни 7.4 баллга лойиқ кўрган бўлса, “Flashscore” 7.7 балл қайд этди. “WhoScored” ҳам 7.4 балл қўйди, “FotMob” эса Гехига 7.6 балл берди.
Абдуқодир Ҳусановнинг кўрсаткичлари ҳам мухлисларни хурсанд қилди. Нуфузли дастурлар легионеримиз ўйинини қуйидагича баҳолади: “Sofascore” — 7.4 балл, “Flashscore” — 7.5 балл, “WhoScored” — 7.4 балл. “FotMob” эса Ҳусановнинг ҳаракатларини 7.7 баллга муносиб, деб топди. Бу баҳо ҳимоячи учун айнан керакли сигнал — майдонда ишонч, тез қарор ва мустаҳкам позиция борлигини англатади.
Маълумот учун, кейинги турда Пеп Гвардиола шогирдлари янада катта синов олдида турибди — “Манчестер Сити” “Тоттенхэм”га қарши майдонга тушади. Ҳусанов ва Гехи тандемининг ўша учрашувда ҳам қандай кўринишда бўлиши мухлислар учун алоҳида қизиқ бўлади.
