Болгарияда илк бор ҳокимият алмашинуви аёл президент билан юз берди
Болгарияда мамлакат тарихида илк марта давлат раҳбари ваколатлари аёл сиёсатчига ўтди. 2026 йил 23 январ, жума куни Конституциявий суд Румен Радевнинг истеъфосини расман тасдиқлади ва шундан сўнг президентлик ваколатлари автоматик тарзда вице-президент Илияна Йотовага ўтди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Конституцияга кўра, Йотова амалдаги муддат якунига қадар — 2027 йил январгача — давлат раҳбари вазифасини бажаради. Суд Радев ваколатларининг муддатидан олдин тугатилишини унинг ихтиёрий аризасига асосан бир овоздан маъқуллади.
2017 йилдан бери президент бўлиб келган, аввал Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони бўлган Радев замонавий демократик даврда муддат тугашидан олдин ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан илк президент бўлди. У қарорини сиёсий жараёнларда фаолроқ иштирок этиш ва кутилayotgan муддатидан олдинги парламент сайловларига тайёргарлик кўриш истаги билан изоҳлади.
61 ёшли Илияна Йотова президентлик ваколатларини қабул қиларкан, қайта қасамёд келтиришига ҳожат йўқ: у 2022 йилда вице-президент сифатида иккинчи муддатга киришаётганда қасамёд қилган. Хайрлашув мурожаатида Радев Йотовани “муносиб ўринбосар” деб атаб, сиёсий инқироз шароитида институтлар барқарорлигини таъминлай олишига ишонч билдирди.
Йотова сиёсий ҳамда халқаро майдонда катта тажрибага эга. У президент маъмуриятига келишидан олдин тележурналист бўлиб ишлаган, Болгария социалистик партияси матбуот марказини бошқарган, кейин миллий парламент ва Евро парламент депутати бўлган.
Европадаги фаолияти давомида у терроризмга қарши кураш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда Болгариянинг Шенген ҳудудига қўшилиши масалалари билан шуғулланган. Янги лавозимда эса Йотова халқаро майдонда мамлакатни вакиллаш билан бирга парламент фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиб, сўнгги беш йил ичидаги саккизинчи парламент сайловлари санасини белгилаш жараёнини ҳам бошқариши кутилмоқда.
