15 миллион фуқаронинг маълумотлари сизиб чиққани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, 15 миллион нафар Ўзбекистон фуқаросига тегишли шахсий маълумотлар интернетнинг “Dark Web” қисмига сизиб чиққани айтилмоқда. Ушбу маълумотлар ҳукуматга қарашли веб-саҳифалардан олингани ҳақида иддаолар пайдо бўлган.
Тарқалган файлларда фуқароларнинг паспорт рақамлари, телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, иш жойлари ва ҳаттоки суратларигача мавжуд экани айтилмоқда. Бу ҳолат кенг жамоатчиликда хавотир уйғотди.
Ўзбекистон Республикаси Киберхавфсизлик маркази бу ҳолат юзасидан дастлабки изоҳини берди. Унга кўра, айни вақтда мазкур ҳолат бўйича чуқур ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва расмий маълумотлар кейинчалик эълон қилинади.
Марказ, шу билан бирга, фуқароларга ўз шахсий маълумотларини бегона шахсларга бермаслик, давлат тизимларига киришда кучли пароллардан фойдаланиш ва шубҳали ҳаволаларга кирмасликни тавсия қилди.
