Каннаваро терма жамоанинг Дубайдаги йиғинини жуда муҳим деб баҳолади
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Дубайда ўтган ўқув-машғулот йиғини ҳақида гапириб, бу жараён нафақат жамоа, балки мураббийлар штаби учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.
Италиялик мутахассиснинг айтишича, йиғин олдидан у ва унинг штаби охирги тўрт ой давомида ички чемпионат ўйинларини жуда яқиндан кузатган. Ким қандай формада, ким қандай ўсишда, ким қайси позицияда ўзини яхши ҳис қилади — ҳаммаси диққат марказида бўлган. Аммо йиғиннинг энг катта ютуғи — футболчиларни “фақат трибунадан” эмас, бевосита майдонда, машғулотда, руҳиятда кўриш имконияти бўлгани.
Каннаваро йиғин давомида ҳар бир футболчи билан якка тарзда суҳбатлашганини ҳам очиқ айтди. Сабаби оддий: у фақат талаб қўйишни эмас, футболчининг фикрини эшитишни ҳам муҳим деб билади. Мураббий учун бу — жамоани бир тизимга солиш, футболчилар учун эса — ўзини ҳақиқий ишончда ҳис қилиш дегани.
Мураббий суҳбатларда олдимизда катта мақсадлар борлигини алоҳида урғулаган: Жаҳон чемпионати ҳам, Осиё Кубоги ҳам — иккиси ҳам жиддий тайёргарлик талаб қилади. Шунинг учун “ҳозир тайёрман” деган кайфият эмас, “ҳамма вақт тайёр туриш” одати шаклланиши керак.
Каннаваро яна бир муҳим фикрни ҳам айтди: ҳар бир футболчи ўзини миллий жамоа лойиҳасининг тўлиқ қисми деб ҳис қилиши шарт. Чунки футболда вазият бир зумда ўзгариши мумкин — икки-учта жароҳат, форма тушиб кетиши ёки тактик режа алмашиши… ва бир пайтнинг ўзида янги номлар саҳнага чиқади. Шу сабабли мураббий футболчиларга “Жаҳон чемпионатига бориш учун имконият фақат танланганлардагина эмас — ўзини тайёрлаган ҳар кимда бор” деган ғояни сингдирмоқчи.
Якунда Каннаваронинг хулосаси аниқ: Дубай йиғини футболчилар учун ҳам, мураббийлар штаби учун ҳам фойдали бўлган. Энг кераклиси — рақобатни соғлом қилиш, ҳар кимни уйғоқ ҳолатда ушлаш ва катта мусобақалар олдидан жамоани бир мақсад атрофида жипслаштириш.
Қисқаси, “ўртоқона йиғин” эмас — реал селекция ва реал тайёргарлик. Энди эса майдондаги натижа ҳам шу кайфиятга мос бўлиши керак.
