Поп туманида ота салкам 225 млн сўм алиментни олдиндан тўлаб берди
Мажбурий ижро бюроси Поп туман бўлими давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ҳуқуқий тушунтириш ва профилактик чора-тадбирлар самарасида қарздор фуқаро С.И. ўз оталик бурчини тўлиқ адо этди.
У фарзандлари 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган алимент мажбуриятини бир марталик тўлов асосида бажарди. Салкам 225 миллион сўм алимент қарзи фарзандлари вояга етгунга қадар бир йўла тўлиқ ундириб берилди.
Мазкур ҳолатда энг муҳими — болаларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланди, уларнинг келажаги учун зарур бўлган маблағ қонун доирасида ундирилди.
Қарздор томонидан мажбуриятлар тўлиқ бажарилганлиги муносабати билан:
- унга нисбатан қўлланилган барча чекловлар бекор қилинди;
- ижро ҳужжати қонун талабларига мувофиқ ижро этилди.
Маълумот учун: алимент тўловлари — бу фақат мажбурият эмас, балки фарзандлар олдидаги муқаддас бурч ҳисобланади.
Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан олиб борилаётган ишлар айнан шу мақсадга — вояга етмаганларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
МИБ Наманган вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли ҳуқуқий онгини ошириш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
