Куртуа “Бенфика” билан ўйин бу сафар бошқача бўлишини айтди
Мадриднинг “Реал” клуби дарвозабони Тибо Куртуа Чемпионлар лигасида “Бенфика”га қарши кутаётган баҳс олдидан фикрларини билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Жамоалар умумий босқичнинг сўнгги турида ҳам тўқнаш келган, ўша ўйин “қироллик клуби” учун омадсиз якунланган эди: 2:4 ҳисобидаги мағлубият “Реал”ни 1/8 финалга тўғридан-тўғри йўлланмадан маҳрум қилди. Энди эса Альваро Арбелоа бошчилигидаги жамоа плей-оффнинг стиков раундида яна “бургутлар” билан рўбарў келади.
“Лиссабондаги ўйин жуда оғир ўтганди. Бу стадионда ғалаба қозониш осон эмас. Ўша куни энг яхши футболимизни кўрсата олмадик, аммо хатолардан сабоқ олдик. Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлади, чунки жавоб учрашуви “Бернабеу”да бўлишини яхши биламиз”, — деди Куртуа.
Дастлабки учрашув 17 февраль куни Лиссабонда, жавоб баҳси эса 25 февраль куни Мадридда бўлиб ўтади.
