Майкл Олисе «Бавария» сафида илк бор Бундеслига ўйинини ўтказиб юборади
Мюнхеннинг «Бавария» клуби қанот ҳужумчиси Майкл Олисе Германия чемпионатининг навбатдаги турида «Вердер»га қарши учрашувда майдонга туша олмайди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ўтган турда 24 ёшли франсуз футболчи мавсумдаги бешинчи сариқ карточкасини олиб, дисквалификация қилинди. Шу сабаб у яқинлашиб келаётган баҳсда жамоасига ёрдам бера олмайди. Бу Олисенинг «Кристал Пэлас»дан 2024 йил ёзида «Бавария»га ўтганидан бери Бундеслигада илк бор учрашувни ўтказиб юборадиган ҳолати бўлади.
Олисе бунгача жамоанинг кетма-кет 55 та ўйинида қатнашиб, 22 та гол урди ва 36 та голли узатмани амалга оширди. «Бавария»нинг ҳозирги таркибидаги ҳеч бир футболчи бундай кўрсаткич билан мақтана олмайди.
Бундеслиганинг 22-тури доирасидаги «Вердер» – «Бавария» учрашуви 14 февраль куни бўлиб ўтади. Ўйин 19:30 да (Тошкент вақти билан) бошланади.
