Жезуш Роналдуни навбатдаги ўйинда дам олдиради
«Ал-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналдунинг яқин ўйинда майдонга тушмаслиги сабабини изоҳлаб берди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд жамоаси чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши баҳс олиб боради. Португалиялик юлдуз ҳужумчининг тез орада майдонга қайтиши кутилаётган бўлса-да, бу учрашувда у яна таркибда бўлмайди.
«Зич тақвим сабаб Роналду ва асосий таркибдаги яна бир нечта футболчига дам беришга қарор қилдик. Олдинда «Ал-Фатеҳ»га қарши жуда муҳим ўйин бор», — дея Жезушнинг сўзларини келтиради Al Nassr Zone.
Мураббий таъкидлашича, Роналдунинг дам олиши янгилик эмас: у Саудия Арабистонидан ташқарида ўтадиган айрим ўйинларда аввал ҳам иштирок этмаган.
Саудия чемпионати доирасидаги «Ал-Фатеҳ» — «Ал-Наср» учрашуви шанба куни, 14 февралда бўлиб ўтади.
