Ҳиндистонда никоҳ ёши кечикяпти сабаби нима?
The Tribune хабарига кўра, сўнгги ўн йил ичида Ҳиндистонда никоҳ қуришнинг ўртача ёши 27 дан 29 га кўтарилган. Бу ўзгариш кўпчилик энди эрта уйланишдан кўра, аввало “оёққа туриб олиш”ни танлаётганини кўрсатади.
Тадқиқот муаллифлари бу ҳолатни молиявий барқарорлик, карьера ва шахсий тайёргарликка бўлган талаб кучайгани билан изоҳлайди. Шу билан бирга, қайта турмуш қуришни истовчилар улуши ҳам ўсган: ўн йил аввал 11 фоиз бўлган кўрсаткич 2025 йилга келиб 16 фоизга етгани айтилмоқда.
Фон учун Ўзбекистонда никоҳларда асосий улуш 20–30 ёш оралиғида тўғри келиши қайд этилади: эркакларда 20–30 ёш гуруҳи 78,7 фоизни ташкил этган. Аёллар бўйича эса 20–30 ёш гуруҳи 53,5 фоиз экани келтирилади. Хулоса битта: баъзи давлатларда никоҳ ёши секин “кечки” томон суриляпти, бизда эса ҳали ҳам асосий тўлқин 20–30 атрофида — демак, трендларни кузатиш керак, чунки бу рақамлар кейин бозор, уй-жой ва ҳатто меҳнат сиёсатигача таъсир қилиб кетади.
