Мали терма жамоаси Россияга юлдузлари билан келади
Россия терма жамоаси март ойида Малига қарши уй учрашувини ўтказиши кутилмоқда. Расмий равишда РФУ ҳозирча бу ҳақда эълон бермаган, бироқ Мали томони ўйин Краснодарда бўлишини бир неча бор тасдиқлаган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мали футбол федерацияси бош котиби Сиди Бекайенинг айтишича, жамоа Россияга энг кучли таркибда йўл олади. Унинг таъкидлашича, Биссума, Ниакате, Сангаре, Нене каби етакчилар ҳамда бошқа футболчилар тахминан 25–26 март кунлари Краснодарга етиб келиб, учрашув олдидан машғулот ўтказади.
Бекайе шунингдек, Россия билан ўртоқлик учрашувини ташкил этиш бўйича келишув унча қийин бўлмаганини айтди. Мали вакили жуда кучли рақибга қарши майдонга тушиш улар учун қизиқ эканини ҳам қайд этди.
Россия терма жамоаси Европа ва жаҳон футбол ташкилотлари томонидан жорий этилган чекловлар сабаб ҳозирча фақат ўртоқлик ўйинларида иштирок этмоқда.
