Поконьоли Погба қачон сафга қайтишини айтди
"Монако" бош мураббийи Себастьен Поконьоли ярим ҳимоячи Пол Погбанинг жароҳатдан сўнг қайтиш муддатлари ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассис матбуот анжуманида Погбанинг тикланиши ижобий томонга кетаётганини таъкидлади: футболчининг сафга қайтиши тобора реал кўриниш олмоқда. "Терма жамоалар учрашувлари учун танаффусдан сал олдин уни ихтиёримизда кўришни истаймиз. Халқаро танаффус пайтида у билан ишлашни режалаштирмоқдамиз. У бутун эътиборини жамоага қаратган", деди Поконьоли.
Жорий мавсумда Погба ноябрь-декабрь ойларида "Монако" сафида учта ўйинда майдонга тушди, бироқ кейин яна жароҳат сабаб лазаретга қайтди.
Март ойида Погба 33 ёшни қарши олади. "Монако" эса ҳозир Лига 1 турнир жадвалида саккизинчи ўринда бормоқда.
